Ўзбекистон терма жамоаси Сингапурда: 12 ёшгача бўлганлар ўртасида Осиё чемпионати финали старт олди

Бугун Сингапурда Осиё теннис федерацияси ва Сингапур теннис ассоциацияси томонидан ташкил этилган нуфузли ATF 12 & Under Team Competition 2025 Finals мусобақасининг финал босқичи бошланди. Беллашувлар 25–30 август кунлари бўлиб ўтади ва минтақавий саралашдан муваффақиятли ўтган ўғил болалар ҳамда қизлардан тузилган 12 та энг кучли жамоани бирлаштиради.
Ўзбекистон терма жамоасини ўғил болалар тоифасида Азамжон Зиятов (Наманган), Милан Зинатуллин (Тошкент) ва Алимхон Умедов (Самарқанд) намоён этмоқда. Ёш теннисчилар учун бундай мусобақада иштирок этиш — ўзини халқаро майдонда намоён қилиш, минтақанинг энг кучли рақибларига қарши тажриба орттириш ва Осиё, Лотин Америкаси, Африка ва бошқа минтақаларнинг энг яхши жамоалари тўпланадиган Intercontinental Team Competition мусобақасига йўлланма учун курашиш имкониятидир.
Ўзбекистон теннис федерацияси таъкидлашича, Сингапурдаги иштирок миллий теннис тараққиёти ҳамда келажакда юртимизни жаҳоннинг энг нуфузли мусобақаларида намоён этадиган янги авлод спортчиларини тайёрлаш йўлидаги муҳим қадамдир.