Наманганда ITF World Tennis Tour Juniors J100 халқаро турнири ўтказилди

11 август куни Наманганда 18 ёшгача бўлган ўйинчилар учун Халқаро теннис федерацияси (ITF) тизимига кирувчи юқори даражадаги мусобақа – нуфузли ITF World Tennis Tour Juniors J100 турнири старт олди.

 

16 августгача давом этадиган ушбу турнирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Германия, Буюк Британия, Беларус, Россия, Жанубий Корея, Гонконг, Хитой, Полша ва Ҳиндистон каби 13 мамлакатдан иштирокчилар тўпланди.

 

15 август куни жуфтлик баҳслари якунига етди. Унда ўғил болалар ўртасида гонконглик Сию Чи Николас Ченг ва полшалик Виктор Ез ғолиб бўлишди. Улар 6:4, 6:0 ҳисобида зафар қозонишди.

 

Қизлар ўртасида қозоғистонлик Ева Коришева ва жанубий кореялик Ха Им Ли 3:6, 6:3, [10-6] ҳисобида ғалаба қозонишди.

 

Ўсмирлар ўртасидаги яккалик баҳсларида гонконглик Сию Чи Николас Ченг ғолибликни қўлга киритди. У қозоғистонлик Арсений Требухинни 6:0, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

 

Қизлар яккалик тоифасида жанубий кореялик теннисчи Ха Им Ли россиялик Александра Маловани 6:3, 3:6, 6:4 ҳисоби билан мағлуб этди.

 

«Наманганда ўтказилаётган ITF J100 халқаро турнири Ўзбекистоннинг жаҳон теннис харитасидаги мавқейини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Бундай мусобақалар рақобат муҳитини яратиб, ёш спортчиларимизга турли мамлакатларнинг энг кучли рақиблари билан беллашиш ва қимматли халқаро тажриба орттириш имконини беради. Ишончимиз комилки, бу даражадаги турнирларнинг ўтказилиши республикамизда теннисни янада ривожлантириш ва ушбу спорт турига янги авлодни жалб қилиш учун кучли рағбат бўлади,» – деди Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Сардор Комилов.

 

Нима учун бу муҳим

 

J100 турнирининг Ўзбекистонда ўтказилиши ёш спортчиларга ўз ватанида рейтинг очколарини тўплаш, турли мамлакатларнинг кучли рақиблари билан куч синашиш ва халқаро майдонда ўзларини намоён қилиш имкониятини яратади.

 

Ўзбекистон теннис федерацияси матбуот хизмати